Ироқлик бир камбағал аёл Умар ибн Абдулазизни қидириб келди. Одамлардан: «Амирул мўмининнинг уйи қаерда?» деб сўраганида бир хароба кулбани кўрсатишди. «Мана шу эски уй амирул мўмининнинг уйими?» деб ажабланди аёл. Сўнг ўша ҳовлига кириб, амирнинг аёли Фотимани кўрди. У офтобда ўтириб олган кўйи буғдойни янчиб, ун қилаётган эди. Ироқлик аёл уни хизматкор деган гумонда: — Амирул мўмининнинг хотини қаерда? деб сўради. — Ундан нима истайсан? деди амирул мўмининнинг хотини. — Ишим бор эди. Мен Ироқдан келдим. — Амирул мўмининнинг хотини менман. Аёл ажабланди. Амирнинг хотинининг бу ҳолатидан таажжубланди. «Ранглари оқарган, чарчаган, кийимлари эски. Шу амирнинг хотиними, шу-я?! Бизда қоровулнинг хотини бундан яҳши кийинади. Амирнинг хотинининг кийими йиртиқ-а! Ё Аллоҳ», деб ўйларди у. Бир оздан кейин Умар ибн Абдулазиз келди. Қудуқдан сув олиб, тупроққа аралаштириб, лой қилиб, нураб кетган деворни сувай бошлади. Ҳар лаҳза-ҳар лаҳзада хотини Фотимага қараб қўярди. Шунда ироқлик аёл Умарни мардикор деб ўйлаб, Фотима бинти Абдулмаликка: — Эй синглим! Бу лойгар сенга қўп қараяпти, бошингни беркитсанг бўларди, деди. Фотима унга жавобан: — Эй Аллоҳнинг бандаси. Бу киши эрим амирул мўминин бўлади, деди. Аёл ўзини тутолмасдан, йиғлаб юборди. Кўзларидан шашқатор ёшлар тўкилди. Бир оздан кейин Умар ибн Абдулазиз қўлларини ювиб, аёлнинг олдига келди ва: — Нима юмушингиз бор, холажон? — деб сўради. Аёл айтди: — Эй амирул мўминин. Мен эски уйимни тузатиш учун ёрдам сўрагани келган эдим, аммо бу уй менинг уйимдан ҳам хароб экан. Амирул мўмининнинг уйи меникидан хароброқ экан. Шунда Умар: — Эй Аллоҳнинг бандаси. Билгинки, бу уйнинг хароблиги уйларингизнинг обод бўлишига сабабдир. Бу уй кошона бўлса, сизларники харобага айланади. Агар мен эски уйда яшасам, бу ҳолни ҳис қилиб, уйларингизни яхшилаб қуриб бераман. Эй холажон! Айтинг, яна нима истайсиз? деди. — Менинг ўнта қизим бор, барчаси бошпанасиз. Уларнинг эри ҳам, бола-чақаси ҳам йўқ. Уларга бир оз мол беришингизни истайман, деб ниятини баён этди аёл. Умар ибн Абдулазиз Ироқ волийига мактуб ёза бошлади. Аёлдан: «Каттасининг исми нима?» деб сўради. Аёл айтди. Умар «Фалонга юз динор», деб ёзди. Аёл Аллоҳга ҳамд айтди. Кейин иккинчи қизининг исмини сўради. Аёл айтди. Умар яна «Фалонга юз динор», деб ёзди. Аёл «Алҳамдулиллаҳ», деди. Шундай ёзиб-ёзиб, ўнинчисига етиб келди. Аёл унинг ҳам исмини айтди. Унга ҳам юз динор ёзганида, аёл амирул мўмининга раҳмат айтиб, миннатдорлик билдирди. Шунда Умар бирдан ўнинчисининг исмини ўчириб ташлади. Аёл ҳайрон бўлиб: — Нега уни ўчирдингиз? деб сўради. — Мен қизларингизнинг ҳар бирига ҳақ ёзганимда «Алҳамдулиллаҳ» деб турдингиз. Мен байтул молдан улуш ажратавердим. Аммо ўнинчисининг номини ёзганимда менга раҳмат айтдингиз. Менда мол бўлмаса, у юз динорни қаердан олиб бераман? Бир кунлик даромадим динорнинг тўртдан учига тенг. Бўлмаса, шуни ола қолинг. Опаларига айтинг, берилган моллардан унга ҳам улуш ажратишсин, деб Умар Ироқ волийига ёзган мактубини аёлга узатди. Хуллас, «раҳмат» деган сўзга амирул мўминин рози бўлмади. Ироқлик аёл унинг ҳузуридан хурсанд бўлиб чиқиб кетди.