Хикоялар 25.05.2023 Автор: Admin 20 0

ЎҒЛИМ УЙЛАНДИ-Ю, ЎЗГАРДИ. (Хаётий вокеа)



“Бир куни қўққисдан телефоним жиринглади. Экранида укамнинг 
исмини кўриб суюндим. Салом-аликдан кейин мендан ҳол-аҳвол сўраш
 учун қўнғироқ қилаётганини айтганида, бирдан кўнглим бўшаб кетди.  
Ахир у уйланганидан бери менга ҳеч қўнғироқ қилмасди-да.
 “Уйлангач, меҳри бўлиндими, ишқилиб ўзгарди-я”, деган ўйда ўзим телефон қилиб  хабарлашардим... Ўша куни укам билан бироз гаплашиб, яна меҳрим товланди. Хайрлашганимдан сўнг узоқ йиғладим...”
(Аёлларнинг ўзаро суҳбатидан)
Туғишганларнинг бир-бирига беоқибатлиги, жигарлар орасидаги ўзаро меҳр-муҳаббатнинг заифлашиб бораётгани ҳақида кўп гапирамиз. Қариндошлар ўртасидаги бемеҳрликни кўрганда юрак зирқирайди. Бир қориндан талашиб тушган, бир кўрпада тепишиб улғайган, бир майизни тенг бўлиб еган ака-ука, опа-сингилнинг уйи бошқа, рўзғори алоҳида, дастурхони бўлак бўлгач, нега меҳри ҳам бўлиниб кетади?
Асл сабабчи ким?
Ҳовли ўртасига девор тушади. Ака уканинг, ука аканинг  дийдорига зор. Бу дилсиёҳликка овсинлар – оға-иниларнинг аёлини сабаб қилишади. Қайсидир ўринда овсинлар ҳам ака-укаларнинг ораси бузилиб кетишига сабабчи бўлишар, лекин болалигидан бир-бирига меҳрли-оқибатли, аҳил-тотув бўлиб ўсмаганларнинг ноаҳиллигига хотини ёки эрининг нобоп феъли баҳона бўла олмайди. Уларга чин инсонийлик сабоғини беришга масъул бўлган ота-онаси тарбияда хатога йўл қўйгани сабабли бундай одамлар улғайганида ҳам айбни бировга ағдаришга  мойил бўладилар.
Муҳайё Саримсоқова, Қибрай туманидаги “Ботаника” маҳалласининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси:
– Негадир, йигитлар уйланганидан сўнг ўзгаради, деган гап миямизга ўрнашиб қолган. Агар эркак киши туғишганлари, ота-онасига бемеҳр бўлса, буни унинг уйланишига боғлаш ноўрин. Назаримда ота-оналарнинг ўзлари ўғилларини талтайтириб, маълум вазифа ва бурчларни уларга уқтирмай тарбиялашади-ю, кейинчалик барча айбни ўғилларининг “уйланиб ўзгарганига”, “айниб” қолганига йўйишади. Бировга айб юклаш осон. Агар эркак онасига меҳр кўрсатмаётган бўлса, билингки, у хотинига ҳам меҳрибон эмас. Шунинг учун ота-оналар уйланган ўғилларининг меҳрсизлиги сабабларини келинларидан эмас, ўз фарзандига берган тарбиясидан, ўғилларидан қидиришлари лозим.
Ҳаммаси тарбияга боғлиқ
Алишер Бозоров, иқтисодчи, Тошкент шаҳри: 
–  Ота-онамиз болалигимиздан ака-опаларимизни ҳурмат қилишга, ҳар ишда уларнинг маслаҳатига суянишга ўргатишган. Катталар ҳам шунга яраша кичикларга меҳрли-оқибатли. Ўша тарбия таъсиридан ҳозиргача оилавий муаммоларимизни ота-онамизга сездирмай, ака-опаларимиз кўмагида ўзаро маслаҳатлашиб ҳал қиламиз. Фарзандларимизни ҳам ота-онамиздан ўрганганларимиз асосида тарбиялаяпмиз. Болага у жуда кичкиналигидан туғишганлари, – ака-ука, опа-сингилларига меҳрли бўлишни, жигарлик риштаси муқаддас эканини уқтириш лозим. 
“Ноқобил бола...” 
Салима ая, Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани:– Ҳа, гоҳида йигитлар яхши тарбия олган бўлса ҳам, уйлангандан кейин ўзгаради. Икки опам бир хонадонга келин бўлиб тушган. Кичик опам анча йил олдин оламдан ўтдилар. Тўрт нафар боласини уйли-жойли қилишга улгурдилар-у – кенжасининг тўйини кўра олмадилар. Тақдирида бор экан, бир иш билан кичик опамнинг учинчи ўғли қамалиб қолди. Ўша кезларда кенжа жияним дурустгина жойда ишлар, топиш-тутиши ҳам яхши эди. Опам узоқ вилоятдаги қамоқхонада ётган ўғлини кўришга борганида унинг пулидан ишлатарди. Акаси қамоқдан чиққач: “Онам менинг пулимга сени кўргани борарди, охири дардингда ўлиб кетди”, деб акасига миннат қилибди. Акаси: “Онам вафот этган бўлсалар, мен сени ҳеч кимдан кам қилмай уйлантириб қўяман”,  деб унинг тўйини ўтказди. Шу тўй учун икки хонали уйини сотиб юборди. Ҳозир бўйга етган қизлари билан ижарада сарсон бўлиб юрибди. Укаси эса уйланганидан кейин ўзгариб қолди. Гоҳ холаси – опам билан, ҳали амакиси – поччамлар билан жанжаллашади. Гоҳ, отасига гап қайтаради. Поччам бир ўзи кичкина хонада яшайди. Етмишдан ошган одам овқатини ўзи қилади, чойини ўзи дамлайди, уйини ўзи супуради. Хотини ўтгандан кейин эркак ҳақиқатан ҳам етимдек бўлиб қоларкан. Поччамга раҳмим келади. Жияним кетма-кет икки фарзандли бўлди. Худонинг ишини қаранг-ки, иккови ҳам ногирон. Икки гўдак ҳам ёшига етмай, нобуд бўлди. Таъна қилмоқчи эмасман-у, лекин бошига шунча кун тушса ҳам ўзини тафтиш қилмайди бу бола. Поччам шу умидда фарзанд ўстириб, ўзи емай, ўзи киймай катта тўй-томошалар билан келин туширганмиди? Келин бўлиб иссиқ-совуғидан хабар олмаса, бир пиёла чой тутмаса, қайнотам экан, шу уйнинг каттаси, деб бирор ишини маслаҳат қилмаса, борадиган жойини айтиб рухсат сўрамаса... Шуми келин қилишнинг завқи, қайноталик қадри?! Бир борганимда поччам йиғлаб: “Жиянингиз биттагина опасини шу уйга қадам босмайдиган қилди. Қизим мени кўргиси келса куёвни юборади, бир-икки кун уларникида туриб келаман. Келин билан ўғлимнинг дастидан қариндош-уруғ уйимизга келмайдиган бўлди. Бу бола нега бунчалик бўлиб кетди, билмайман. Ахир, ҳаммасига бирдек тарбия берганмиз-ку”, деб ўксиндилар...
Ҳар бир одам: “Фарзандларим кейинчалик бир-бирига оталик, оналик қилади, бири иккинчисини ўкситгани, камситгани қўймайди, бири оқсаб қолганида бири етаклайди, кам-кўстини тўлдиради, бир-бирини суяйди”, деган эзгу умидда бола ўстиради. 
 Узилаётган ришталар, заифлашиб, оҳори тўкилаётган оқибат, андиша, меҳр-мурувват, зориққан дийдор заволи хусусида гап кетганда юракка дард инади, ғашлик қўнади. Орамизда оқибатсиз ўғиллар, қариндошлик ришталарига бепарво бағритошларни кўплаб учратиш мумкин. Гапириш, муносабат билдириш ўз йўлига. Бу иллатларнинг асл илдизи қайда? Нега бунча бераҳм, оқибатсиз бўлиб кетяпмиз? Бир уруғ нари – амма-хола, тоға-амакиларни қўя турайлик, ўз жигарларимиз, туғишганларимиз, ҳатто ота-онамизга ҳам кўнгилдагидек муносабатда бўляпмизми? 
Келининг айниса, ўғлингдан кўр.
Ҳилола Султонова, уй бекаси, Фарғона вилояти:
– Келиннинг кўз қарашлари, ўзини тутишлари-ю, муомалалари ўзгарса, ундан ранжиманг-да, аввал ўғлингизнинг рафторига разм солинг. У яқинлари ҳурмат-иззатини ўрнига қўйиб, мувозанатни бузмаса, келин ҳам ўзини шунга муносиб тутади. Чунки келиннинг эр уруғлари билан қай даражада муносабатда бўлиши кўп ҳолларда эркакка боғлиқ. 
Кексалар: “Бели боғлиқнинг кўнгли боғлиқ бўлади”, дейишади. Улардан ошириб бир нарса дейишимиз қийин. Лекин айрим ўғилларнинг уйланганидан сўнг жигарларига, ҳатто ота-онасига ҳам меҳри бўлинганига гувоҳ бўлганмиз.  Эсимда, шундай ҳолатдан оғриниб йиғлаганимда, онам: “Қўявер, қизим, мен она бўла туриб, ўғлимнинг беоқибатлигидан озор чекаётганимни билдирмаяпман-ку. Хотини, оиласи билан тинч бўлса бўлди”, деб, мени юпатган эдилар. 
Мулоҳаза....
Инсоний ришталар ичида энг кучлиси қон ва насаб қариндошлигидир.
 Одам бу риштага суянади, ундан куч ва қувват олади. Ҳаёт муаммоларини ечишда унга таянади. Қариндошчилик ришталарини турли йўл ва усуллар билан мустаҳкамлашга ҳаракат қилиш инсон ризқи ва умрига таъсир этиши мумкинлиги ҳақида Пайғамбаримиз (с.а.в.) бундай деганлар: “Кимни ризқи-рўзи кенг бўлиши ва умри узоқ бўлиши хурсанд этса, бас, у силаи раҳм қилсин, яъни, қариндошлик ришталарини мустаҳкамласин”.
Буғдойзорни пайҳон қилса гуноҳ бўлмас...
Қариндошларга меҳр-мурувват кўрсатиб, ота-она, оға-ини, опа-сингилларимизнинг ҳолидан хабар олиб, уларнинг кўнгилларини шод қилиш билан Яратганнинг марҳаматига эришамиз. Ривоятда келтирилишича, ака синглиси ҳолидан хабар олиш, тезроқ унинг дийдорига етиб, суюнтириш учун буғдойзорни босиб ўтишига ижозат берилган экан. 
Бир-бирига бемеҳр, беоқибат  ака-ука, опа-сингилларга вақт аталмиш олий ҳакам қадр тушунчасини уқтиради. Туғишганларингизга уни яхши кўришингизни айтишни унутманг. Зеро, меҳрни билдириб туриш ҳам ришталарнинг мустаҳкамланишига замин яратади.
Умида АДИЗОВА

 👇 Seriallar qismini tanlang 👇 




TARJIMA KINOLAR
Новые статьи