Саратоннинг қайноқ ҳовури қанчалик лоҳаслантиришга уринмасин, ҳеч кимнинг юзида норозилик сезилмайди. Ҳамма шодон, дунёнинг бор қувончлари айни дамда фақатгина шу хонадонда жам бўлган гўё. Кўча юзини тўлдириб турган қатор-қатор оқ-қора энг сўнгги русумдаги автоуловлар гуллар билан безалган, болаларнинг шўх кулгуси ҳам бутун борлиққа байрамона шукуҳ беришга хизмат қилаётгандек.
Истило этилган мамлакатдан олиб кетилаётган асира сингари, ҳамон нималардандир умидвор келинчак кўзгуга маъюс боққанча ўй сурар, йиғидан ўзини тўхтатиб туриш учун лабларини қаттиқ тишларди. Келиннинг ойдек чеҳрасига зеб беришдан чарчаган пардозчи қиз эса аламини ёрдамчисидан олган бўлиб, баҳонада кинояли гаплари ила келинчакни чақиб-чақиб олади. Аслида, унинг аламига сабаб ҳар дақиқада янгиланаётган пардознинг бузилиши эмас, балки, акаси билан Лайли-Мажнун бўлиб юрган жонажон дугонасининг ўзга хонадон остонасини орзулаб кетаётгани эди. Қанийди, ҳозир шу оппоқ либосдаги қиз унинг дугонаси эмас, бошқа қиз бўлганида, қанийди акаси уни деб дунёларга қўл силтаб, ўз-ўзига бегона бўлиб ўтирмаганида... Бу хиёнаткор қиз бунчалар чиройли келин бўлмаса...?
Келинчак яна лабларини тишлайди, бироқ энди киприклар бўёғини ювиб ўтган икки томчи ёш келиннинг орзу қадар беғубор оразида армон рангли излар қолдириб кетди. Меҳнати ҳавога учганидан ғазабга минган пардозчи бор заҳрини келинга сочди:
- Бу нима қилганинг, Шодия?! Қилган ишим сенга маъқул бўлмаётган бўлса, юзимга айтиб қўя қол. Ёки меҳнатимни бир пул қилиш сени шунчалик хурсанд қиляптими? Акамда қолиб кетган аламларингни мендан оляпсанми ёки?
Келинчакнинг дугоналари илкиз момоқалдироқ гумбурлагандек хонанинг бир бурчагига биқиниб олишди. Савол назари билан келинчакка қарашди. Ундан жавоб кутишарди...
Шодия ўзини қўлга олиб, қатъият остонаси томон бир одим ҳатлади:
- Ҳа, хурсанд бўляпман. Қувоняпман. Дунёга сиғмай кетяпман! Кўнглимни тўлдириб турган аламлар юкини елкангга юклаётганимдан хурсандман!
- Унда шу гапларинг жавобига ҳам тайёр тур! Севган йигитингдан юз ўгириб, Азизбекнинг бойлигига учдинг. Виждонинг борми ўзи?!
- Дунёдаги ҳеч бир куч мени бу қарорим учун айблашга қодир эмас!
- Нега энди? Ахир сен Аброр акамни севардинг-ку! Нега айблай олма эканман? Ёки акамга берган кўнглинг сохтасимиди? Яна нечта кўнглинг бор кимлардадир қолиб кетган?!
- Менинг акангга ҳадя қилган биргина кўнглим бор эди. Ундан кўнгил ўтиниб, қатъият ўтиниб борганимда ўзимга қайтариб берди юрагимни...
- Ёлғон сўзларинг оппоқ либосингга доғ бўлиб тўкилди...
- Барибир у армон доғларини ҳеч ким кўрмайди. Уларни кўз ёшларим ювиб кетади...
- Бу кўз ёшлар яна нималарни ювиб кетаркин? Акамнинг орзу-умидларини, севгисини, ишончини...
Бироқ улар акангга қатъият, журъат ҳадя қилолмади. Остонангиздан мени сўраб келгувчиларга умид қилиш билан кунимни тунларга уладим. Бироқ, акангдан садо чиқмади. Бахти, севгиси учун курашолмайдиган йигит менинг тенгим эмас, Гулшан. Энди илтимос,
кет. Лозим бўлса, бошқа пардозчи топармиз...
Дугоналар қизнинг дардини энди тушунишди.Гулшан ҳам шу тобда акасидан чиқмаган ёруғлик учун аламини ихтиёри ўзида бўлмаган қиздан олганига уялди.Узр сўрашга оғиз жуфтлаган ҳам эдики, ташқарида кўтарилган шовқин-сурон,карнай-сурнай нағмаси барчанинг диққатини бўлди. Янгалардан бири қизлар хонасига бош суқиб, ўтли мужда келтирди:
Бўла қолинглар, куёвнавкарлар келишди!
Баҳонада келиннинг ой юзига назар ташлашга ҳам улгурди. Дераза ортида эса, қараган қизнинг суқи киргудек куёв қўлида дилдорига аталган бир даста гулларни кўтарган ҳолда намоён бўлди.
Кечир, Шодия...
Гулшан, сендан бир ўтинчим, Аброр акага мени бахтли эканимни етказ.Тупроққа қориштириб, мени дунёдаги энг ёмон инсонга айлантирсанг ҳам майли.Қиз боланинг қисмати "Ваъдасида туролмаган ёлғончи қиз” деган бир сўз бўлади... Бу тавқи лаънат эмас,юксак бир унвон. Гулшан келинчакнинг айтган сўзларидан ҳеч бир маънони англамади. Шодия ичкари хонага кириб келган куёвга пешвоз чиқмоқ учун ўрнидан турди. Гулшан эса ҳамма келин-куёв билан овворалигини кўриб, хонадан чиқди-ю, оломон ичида ғойиб бўлди
У уйга боргач, акасидан ғурур талаб қилмоқчи бўлди, орият, журъат талаб қилмоқчи бўлди. Ойисига бир оғиз айтиб қўйса, Шодиянинг остонасига дастурхон кўтариб бормасмиди? Акасидан шунинг ҳисобини сўрамоқчи эди. Бироқ, ўз хонасида сарҳушлигича ухлаётган Аброрни кўриб, ҳеч нима демади. Барибир энди бефойда. Кеч бўлди. Жуда кеч... Энди ҳеч нимани ўзгартириб бўлмайди...
Шодия оппоқ гуллар ила безалган машинада кетиб бораркан, севгиси учун курашишга ўзида журъат топа олмаган субутсиз йигитни тақдирига битмагани учун Худога беҳад шукроналик келтирарди. Бу ҳаёллар уни ўзга уйда кутаётган ёр-ёр садолари остида босилиб кетди...
Алия
Ёниб-ёниб кули қолди юрагимнинг,
Зулмат рангли туни қолди юрагимнинг...
Армонларга куни қолди юрагимнинг...
Бир келмадинг...
Ҳеч келмадинг...
Сен келмадинг...
Борим, дея изларига топинганим,
Толеъига юлдузларни соғинганим,
Армонларга кўмиб кетдинг жоним маним –
Ёниб-ёниб кули қолди юрагимнинг...
Бир келмадинг...
Изларингда сарғайдимми?...
Соғинмаган кўзларингда сарғайдимми?...
Наҳот севган...
Севмай туриб алдайдими?!
Наҳот сенга куни қолди юрагимнинг?!
"Етар! Бўлди! Бас!” – дейман-у, яна, афсус –
Орзу ичра йўлларингда толади кўз...
Умид бағрин ёндиради оловдай муз,
Соғинчда бир хуни қолди юрагимнинг...
Тупроқ бўлган нолаларим кўкка етди,
Фарёдларим, жолаларим кўкка етди,
Сени дедим...
Оҳим ҳатто Ҳаққа етди,
Етмаган бир "СЕН”и қолди юрагимнинг...
✍️Тамом...