Муаллиф: Моҳигул НАЗАРОВА.
(Кичик қисса)
Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим.
Ҳар бир қиз илоҳо ўз бахтини топсин!Омин,ё Роббил Оламийн.
1.Туҳматми ё тақдир ишими?
-Сен ўғлимни бошини айлантириб,унга тегиб олиш учун дўконимда ишлаётган экансан-да,а?
Чўкка тушганча янги кийим-кечакларни расталарга тахлаётган Зебинисо дабдурустдан янграган овозни эшитиб,чўчиб тушди.Ўзи ишлайдиган дўкон эгасининг хотини Саломат опа бир қўлини белига тираганча унга ғазаб билан тикилиб турганини кўриб,нима дейишини билмай қолди.
-Ў-ў-ғлингиз ким?- сўради Зебинисо.-Мен ўғлингизни танимайман..
-Нима?-Саломат опанинг кўзлари катталашиб,бор овози билан чинқирди:-Ҳали ёлғончилик одатинг ҳам борми? Мен Нуршоднинг онаси бўламан.Ҳар куни келаркан-ку,ёнингга.
Қиз ниманидир англагандай бўлди.Ҳар куни эрталаб ишга келишида ва ишдан қайтишида ўзини кузатиб юрадиган хушсурат йигитнинг онаси наҳотки Саломат опа бўлса?Ахир у йигитни умуман танимайди,ҳеч қачон гаплашмаган ҳам.Фақат узоқдан кузатиб туришини билади,холос.
-Мен ўғлингиз билан ҳеч қачон гаплашмаганман...Эндигина сўз бошлаган қизнинг сўзи бўғзида қолди.
-Сен ишдан бўшатилдинг.Бўл,нарсаларингни йиғиштириб кўзимдан йўқол.-Саломат опа дўконга кириб-чиқиб юрган одамлардан ҳам истиҳола қилмай,бор овози билан бақирди.-Аммо гапларимни қулоғингга яхшилаб қуйиб ол.Сен етимчани ҳеч қачон келин қилмайман.Тенг-тенги билан тезак қопи билан деган мақолни эшитмаганмисан?
Саломат опанинг охирги айтган сўзларидан ҳам кўра “ етимча” дегани Зебинисога оғир ботди.
-Мен етимча эмасман,-деди у кўз ёшларини зўрға тияркан.-Отам бор.
-Ҳа,сенларни ташлаб Россияга кетиб қолган отангни айтяпсанми?Одамларнинг айтишича,у аллақачон рус аёлга уйланиб олганмиш.Ўзинг эса кунингни зўрға кўрасан,шундайми? -Саломат опа пичинг оҳангида гапираркан,қўшиб қўйди.-Сен шу сабаб ҳам бой хонадоннинг ўғлига тегмоқчи бўлаётгандирсан?
-Ўғлингизни танимайман,бирор марта гаплашганим ҳам йўқ...
-Сен уни билмасанг,гаплашмаган бўлсанг, Нуршод нега сенга уйланмоқчи,а? Сени икки ойдан бери кузатиб юрармиш.Ҳозирги замонда қиз бола ўзини шунча пайт кузатиб юрган йигитни билмаслиги мумкин эмас.Нуршод кеча дадасига “ Шу қизга уйланмоқчиман”,-деб сени айтибди.-Саломат опа шундай деб Зебинисога яқинроқ келди.-Бўл,тез лаш-лушингни йиғиштир, дедим.
Дўконга кирган харидорлар ўзига қизиқсиниб,кимдир ҳайрат,кимдир нафрат яна кимдир ачиниш билан қараб турганини кўрган қиз ичкарига отилди. Кичиккина хонада кўчалик кийимларини кияркан,хўрлик ва аламидан дод деб йиғлагиси келаётганди.Сумкасини олиб ташқарига қараб юраркан,дўкон эшиги олдида турган Саломат опага кўзи тушди.
-Ма,охирги кунлар учун иш ҳаққингни ол.-Саломат опа қўлидаги пулларни унинг сумкасига солиб қўйди.-Қайтиб қорангни кўрмай бу ерда.Эшитдингми?
Зебинисо индамай дўкондан чиқиб кетаркан,ўзини доим кузатиб юрадиган йигитни ёмон кўриб кетди. “Тавба, у дўконга бирор марта келмаган бўлса.Мен у билан ҳеч қачон юзма –юз гаплашмаган бўлсам.Ҳатто юзига эътибор бериб қарамаганман.Ўзича мени кузатиб юришини сезганман,холос.Мен билан бирор марта рўбарў бўлмаган йигит қандай қилиб менга уйланишини отасига айтади?”
Саволлар кўплигидан боши ёрилай деб,катта кўчага чиқаркан бирдан ишсиз қолгани эсига тушди.” Энди синглим билан қандай қилиб яшаймиз?Даромадимиз бўлмаса.Онамнинг вафотларидан кейин дадам бизни бутунлай унутган бўлсалар..Тез орада бошқа иш топишим керак”. Шу қарор билан катта кўчадан илдам юриб, маҳалласи томонга борадиган йўлга бурилди. Ўн беш-йигирма дақиқада уйга борса бўладиган йўл назарида жуда узайиб кетгандай туюлди. Ниҳоят ўзи яшайдиган кўчага келди. Кўча бошида машинасига суянганча турган Нуршодни кўриб,нима қилишини билмай қолди. Аммо уйга олиб борадиган бошқа йўл йўқлиги сабаб Нуршоднинг олдидан ўтмасликнинг иложи йўқ эди.Қиз бошини эгиб Нуршоднинг ёнидан тезгина ўтиб кетмоқчи эди,аммо йигит чаққонлик билан йўлини тўсди.-Тўхтанг,Зебинисо.Сизда гапим бор эди.
-Нима гапингиз бор, менда? Зебинисонинг бирдан аччиғи чиқди.-Ўзингиздан ўзингиз менга совчи юбормоқчи эмишсиз.Бу қанақаси? Ёки сизга турмушга чиқаман деб ваъда берганмидим?Онангиз сиз сабаб мени одамлар ёнида шарманда қилиб ишдан ҳайдаб юбордилар.
-Зебинисо,мени кечиринг.Аммо у аёл..Менинг онам эмас.Онам бундан ўн йил олдин вафот этганлар.Худди сиз каби мен ҳам онасизман.
-Унда Саломат опа нега сизни ўғлим деди?
-У дадамнинг хотини.Яъни ўгай онам бўлади.Сизга кўп нарсани тушунтиришим керак.Келинг,бирор кафега бориб бироз ўтирамиз.Нималар деяпман-а? Узр.Аввал танишиб олайлик.Исмим Нуршод,23 ёшдаман.
Зебинисо нима дейишини,нима қилишини билмай қолди.Бироз ўйланиб ўтиргач,йигитнинг таклифига рози бўлди.Чунки бу масалаги ойдинлик киритиб олмаса бўлмайди.Саратонда бошига ёққан қордек бу муаммони ҳал қилиш керак. Нуршод билан гаплашиб олиши шарт.Балки у ҳам қизнинг оилавий аҳволидан хабар топгач,уни тинч қўяр.
Машинанинг орқа ўриндиғига ўтирган Зебинисога ўзининг ҳолати қўрқинчли ва бироз кулгили туюлди. Жойига ўтирган йигит машинани тез ҳайдаб,шаҳар марказига йўл олди.Бироздан кейин улар “Паскуаль” кафесининг биринчи қаватида ўтиришарди. Нуршод пирожний ва кофега буюртма берди.
-Зебинисо,сизни анчадан бери кузатаман.Онангиз вафот этганларини,отангиз кўп йиллардан бери мусофирчиликда эканликларини биламан.-сўз бошлади Нуршод. –Ўғай онам уйда сиз ҳақингизда кўп гапирарди. Отамга сизни ақлли,меҳнаткаш қиз ,деб таърифлаганини эшитганман.
Зебинисо ҳайрон қолганча,йигитга қараб тураркан нима дейишини билмасди.
-Ўзимни онам уч ёшимда вафот этганлар. Мактабга борган йилим дадамни яқинлари иккинчи марта уйлантириб қўйишди.Саломат опа бошида мен билан яхши муносабатда эди.Кейин ўзининг фарзанди туғилгач,мен билан иши бўлмай қолди,-давом этди Нуршод официант йигит келтирган кофе ва пирожнийларни столга жойлаштираркан.
-Дадангиз-чи? –сўради Зебинисо.
-Дадам Саломат опанинг ҳамма истакларини бажо келтирадилар. Хорижга мол келтиришга кетсалар,кўпинча бирга олиб кетадилар,-жавоб берди Нуршод.
-Сиз нега мен ҳақимда отангизга...-Зебинисо гапни қандай давом эттиришни билмай қолди.”Уйланаман дебсиз”- деган сўзларни айтишга тортинди.
-Зебинисо, ўгай онам менга укасини қизини олиб бермоқчи. Ҳозир шу ишга жиддий киришган.Мен ўша эрка ,тантиқ қиз Нозимага уйланмоқчи эмасман.Кеча шуни айтсам,дадам “Ўзинг ёқтирган қиз бўлса айтгин.Ўшаникига совчиликка борамиз”,-дедилар.Мен сизни айтдим.
-Ия,сиз ғалати экансиз-ку.Мен билан бундан олдин гаплашмаган бўлсангиз,мен сизни билмасам.Нега дабдурустдан бундай дедингиз?
Нуршод бу саволдан бироз ўнғайсизланди.
-Биласизми,сиз қийинчилик кўриб ўсган қизсиз.Шу сабаб мени тушунасиз,сиз билан бахтли бўлишимиз мумкин,деб ўйладим.Саломат опадан эшитганларимга кўра шу хулосага келгандим.-деди у бироз тушкун товушда.-Сизни анча пайт кузатдим. Бирор йигит олдингизга келганини ёки сиз ким биландир учрашганингизни кўрмадим. Кейин кўчангиздаги танишларимдан суриштирдим. Хаёлингиз фақат иш ва тирикчилик билан бандлигини билдим. Ишонинг,ниятим жиддий.Сизга уйланмоқчиман.Бунинг учун нима қилиш керак бўлса,ҳаммасини қиламан.
-Нуршод мен синглим билан яшайман.Биргина холам борлар,гоҳида хабар олиб турадилар.Дадамнинг ака-укалари бор,лекин улар..
-Ҳаммасини биламан. Айтдим-ку, сиз яшайдиган маҳаллада яқин дўстим яшайди. Ўша менга ҳаммасини айтиб берганди. Нуршод шундай деб жилмайди. Унинг маъюс кўзларига қараб Зебинисонинг юраги жиз этиб кетди.
“ Ҳайронман,демак бу йигит ростдан ҳам мени кузатиб юргани ростга ўхшайди.Уйга тезроқ боришим керак.Меҳринисонинг мактабдан қайтиш пайти ҳам яқинлашиб қолди.”
-Узр,уйга боришим керак. Ҳализамон синглим ҳам дарсдан қайтиб қолади.
-Зебинисо шундай деб жойидан турди.-Майли, соғ бўлинг.
-Мен сизга ҳали кўп нарсаларни гапириб беришим керак...-Нуршод ҳам жойидан қўзғаларкан,қўшиб қўйди.-Ҳали яна кўришамиз деб ўйлайман.2.Ҳаёт-бу…
Уйга келиб,кечки овқатга уннаган Зебинисонинг безовта хаёллари Нуршодга қараб учаверди.Қиз бир куннинг ичида бўлиб ўтган воқеалардан ақли ҳайрон эди. Дераза олдига бориб,ташқарига қаради.Кўча бошида синглисининг дугонаси Амина билан келаётганини кўриб,қўл силкиб,”салом” ишорасини қилди.Опасини кўриб қувониб кетган Меҳринисо ҳам ўнг қўлини баланд кўтариб,силкиб қўйди.
Ошхонадаги кичик курсичага ўтираркан,Зебинисо ўз ҳаёти ҳақида ўйлаб кетди. Охирги беш йилда ўзи яшаган ҳаёт уни жуда чарчатган эди. Тўққизинчи синфни тугатаётган йили дадаси Сулаймон ака Россияга, укаларининг ёнига ишлашга кетди. Анча йиллардан бери мазаси бўлмай юрган онаси Хайринисо опа эри Россияга кетганидан кейин бирдан оғирлашиб қолди. Касалхонага боришганида қўйилган ташҳис жуда қўрқинчли эди: жигар саратони.
Онаси раҳматли беозор,бировга зарари тегмайдиган,итоаткор аёл эди. Дадаси Сулаймон ака уй қурадиган уста бўлиб,гоҳида ичиб туришини айтмаса, меҳрибон ота ва эр эди.Хотинига қўйилган даҳшатли ташҳисни эшитиб,дарров етиб келган Сулаймон ака қурилиши чала участкасини сотди,топган-тутганини қўшиб хотинини Тошкентга,кейин Москвага олиб борди.Аммо Хайринисо опа барибир тузалмади.Москвадан қайтгач, Бухородаги касалхонада бир ҳафтагина ётиб дунёдан ўтган онаизорининг қиёфаси ҳалигача Зебинисонинг ёдида.Барваста гавдали,қош кўзлари қоп-қора,доимо кулиб турадиган аёлни дард охири енгди. Сулаймон ака хотинининг маъракалари ўтгач,тез орада Москвага қайтиб кетди.Бошида қизларига рўзғор учун пул жўнатиб турди.
Кейин эса унинг пул жўнатиши ҳам,телефон қилиб ҳол сўрашлари ҳам камайди.Охири сувга тушган тошдек ғойиб бўлган отасини амакисининг хотинидан суриштирган Зебинисони ўзи эшитган хабар ҳайрон қолдирди.Сулаймон ака хотини тириклик чоғидаёқ бир молдаван аёл билан яшаб юрган экан.Ҳозир ўша аёл унга ўғил фарзанд туғиб берганмиш...Бу хабарни эшитган қиз отасидан хафа бўлди.
Зебинисо 9 синфдан кейин мактабга бормади.Унинг оилавий шароитидан хабардор бўлган ўқитувчилари қизни мактабга қайтаришга, ўқишини коллежга йўналтиришга кўп ҳаракат қилишди.Лекин қиз синглиси ва ўзини боқиши учун ишлашга мажбур эди.Онасининг вафотидан кейин тоға ва холаси уларга қўлларидан келгунча ёрдам беришди. Лекин “Қўлдан берганга қуш тўймайди”-дейдилар.Қолаверса,уларнинг ҳам оиласи,фарзандлари,ташвишлари бор.
Зебинисо шу мақсадда иш қидириб юриб,Бухоро Марказий бозоридан иш топди. Аёллар кийим-кечаги,оёқ кийимлари ва пардоз буюмлари сотиладиган бу дўконга сотувчи бўлиб ишга қирган ўн олти ёшли қизалоқ тез орада ўз вазифасини яхшигина эплайдиган бўлди.Қўл-оёғи чаққонгина,меҳнатдан қочмайдиган қиз дўконда савдо-сотиқ тугагач,ҳаммаёқни ювиб,йиғиштириб ҳам қўяр,маълумки бу иши учун ҳам қўшимча ҳақ оларди. Дўкон эгаси Саломат опа деган димоғи баланд,инжиқ аёл эди.Лекин қўл остида ишлайдиганларнинг иш ҳаққини ўз вақтида берарди.Кўп гапирмайдиган,маъюс кайфиятда юрадиган Зебинисога гоҳида рўмолми,кўйлакми совға қилиб,кўнглини кўтаришга ҳаркат қиларди.Аммо бу ишларнинг барчасини у меъёрида қилар,ортиқча меҳрибончиликка ё яқинликка асло йўл қўймасди.Саломат опа учун Зебинисо ҳам ҳамма қатори бир ишчи эди,холос.Зебинисодан ташқари дўконда ишлайдиган бошқа аёллар билан ҳам Саломат опа масофа сақлаб гаплашарди.
Бу орада Зебинисога совчилар чиқа бошлади.Холаси Гулшан опанинг қўшниси бўлган Сора хола уни келин қилишга жиддий аҳд қилди.Сора опанинг уч қизнинг орасида ўсган ёлғизгина ўғли Ғиёсиддин анчагина эрка ва ишёқмас йигит эди.Ўзига тўқ бўлган бу оилага келин эмас хизматкор кераклигини англаган ва бу оилани яхши билан Зебинисо холасига Ғиёсиддинга турмушга чиқишни истамаслигини айтди-ю,боши балога қолди.Холаси Сора опага жиянини келин қилишига ёрдам беришини айтиб,ваъда берган экан.Зебинисо рад жавобини бергач жаҳли чиқиб,келиб қиз билан жанжал қилиб кетди.-Сора опа сени келин қилса Худога шукур дегин,-деди у шанғиллаб.-Ўзинг етим қиз бўлсанг,индамай турмушга чиқиб кетавермайсанми?
-Мен етим эмасман,-деди Зебинисо қалтираб.-Дадам борлар,Худога шукур.
-Дадаси бор эмиш...Тавба.Бунинг гапини қаранглар.Қани даданг,а? Ахир опам тирик пайтидаёқ ишлашга бориш баҳонасида Россияга бориб,аллақачон уйланиб олган ўша эркакми даданг? –Гулшан опа энди заҳарли гаплар билан жанжални давом эттирмоқчи бўлганида, сабр косаси тўлган Зебинисо бақириб юборди.
-Хола,бўлди.Бўлди қилинг.Дадамни бошқа аёлга уйланишига мен сабабчи эмасман.-деди у баланд овозда.-Бизга нимадир ёрдам берган бўлсангиз,катта раҳмат.Аммо бу сизга мени тақдиримни ҳал қилиш ҳуқуқини бермайди.
-Ҳо..Зўрсан-ку,а? Ҳақ-ҳуқуқингни анча таниб қолибсанми?
-Ҳа,анча таниб қолганман.Хола,уялмайсизми? Мен сизга бегонаманми,айтинг? Нега мени ўша гиёванд қўшнингизга турмушга чиқишимни истаяпсиз? –Зебинисо ўксиниб шундай деди-да,йиғлаб юборди.-Мен ҳеч қачон унга тегмайман.Ахир қўшнингизни ўғли яхши одам эмаслигини ўзингиз ҳам яхши биласиз-ку.
-Билсам, билмасам сени узатиб тезроқ тинч ўтиришни истайман,-бироз кўнгли юмшаган холаси Зебинисога ачиниб қаради.-Рўзғорли одамман,ҳар кун келиб сизлардан хабар ололмайман.Ҳарна сен термушга чиқсанг,биттангдан тинчирдим-да.
-Синглим-чи,уни нима қиласиз? У ёлғиз яшолмайди-ку.
-Кейин синглингни уйимга олиб кетардим,-деди холаси ишончсиз товушда.
-Холажон,меҳрибонлигингиз учун раҳмат.Шунчалик бизни ўйлаганингиз учун ҳам раҳмат.Аммо мен қўшнингизга турмушга чиқмайман.Пешанамда ўзимга мос инсон ёзилгандир.Бир кун ўша инсоннинг ўзи мени излаб келар..
Холаси унинг бу сўзларини қошларини чимириб эшитди-да, “ Билганингни қил”,дея эшикни қарсиллатиб ёпиб чиқиб кетди.
Зебинисо холасига ўша пайт айтган гаплари ёдига тушиб кулимсираб қўйди.Балки ўша пайт ўзи ният қилган инсон шу Нуршоддир.Кўнгли илиқ туйғуларга тўлган қиз ўзича бир энтикиб қўйди.Шу пайт мактабдан қайтган синглиси Меҳринисо ҳам кийимларини алмаштириб ошхонага кириб келди.
-Овқатланамизми? Роса очқаб кетгандирсан-а,Зебинисо синглисининг бурнини чимдиб қўйди.-Қалайсан,дарсларинг бўляптими?
-Ҳа,бўляпти опа.-Меҳринисо бурнини тортиб қўйди-да,столга яқинлашди.-Фақат...
-Нима фақат?-Овқат сузиш учун қўлига коса олган Зебинисо ялт этиб синглисига қаради.-Нима бирор киши билан уришиб қолдингми?
-Йўғе,ундаймас.Синф раҳбаримиз мактаб ремонти учун пул сўраяпти.
-Қанча?
Синглиси пул миқдорини айтгач,”уф” тортиб қўйган Зебинисо овқатни сузаркан,энди унга ремонт пулини қаердан топиб бериш ҳақида ўйлади.-“Ишсиз қолган бўлсам...Бир-икки кунда уйда маҳсулотлар ҳам тугайди.Кейин нима қиламан-а? Устма- устига Меҳрига ҳам ремонтга пул топиб беришим керак...”Ташвишлар кўплигидан боши оғриб кетган қиз қандай овқатланганини ҳам билмади. Кейин бироз телевизор кўрган бўлди-да,меҳмонхонадаги диван устида чўзилиб ухлаб қолди...
3.Синовли дунё
Эртасига синглисини мактабга кузатиб қўйган Зебинисо иш излашга тушди. Марказий бозорга бориб, таниш-билишлари орқали иш топишни режалади.Ўша куни унинг омади келди. Саломат опанинг дўконидан анча нарида фақат эркаклар кийим-кечаги сотиладиган дўконга ёрдамчи сотувчи керак экан.Иш ҳақини ҳар куни бериш шарти билан Зебинисо ўша дўконда ишлайдиган бўлди.Дўкон эгаси Исо ака номли 45-50 ёшлар атрофидаги эркак бўлиб,қорин қўйган,тепакал одам экан.Унинг олма кесак териб турадиган, шубҳа билан боқадиган кўзлари,мижғовлиги Зебинисога ёқмади.Аммо қиз ишлашга мажбур эди. Тушдан кейин унинг қўл телефони чақириб қолди.Нотаниш рақамни кўрган қиз олиш ё олмасликни ҳал қилгунча,телефон ўчиб қолди.Аммо бироздан кейин қайта жиринглади.
-Алло.Ассалому алайкум.
-Алло,Зебинисо ассалом.Кечиринг,ишларим кўпайиб кетди.Сизга телефон қилишга қўлим тегмади.Яхшимисиз?
Нуршоднинг овозини таниган қизнинг бирдан юраги ҳаприқиб кетди.Ҳаяжондан лабларининг усти-ю,пешанасида тер пайдо бўлди.Ўзидаги бу ҳолатдан ҳайрон қолган Зебинисо телефонни қулоғида тутганча индамай тураверди.-Алло,нимага жимсиз,тинчликми Зебинисо?
Йигитнинг овозидаги хавотирни илғаган қиз бироз ўзини босиб,секингина “ тинчлик” деб қўйди.
-Қаердасиз,сўради йигит.
-Мен иш топдим,Нуршод.
-Қаердан дарров қанақа иш топдингиз ?
-Ўша Марказий бозордан.Эркаклар кийими билан савдо қилувчи дўконга сотувчи керак экан.
-Ишингиз қачон тугайди?
-Ҳозир икки соатларда тугаб қолса керак.-Зебинисо шундай деб телефонни бошқа қулоғига тутди.
-Ишингиз тугагандан кейин бозорнинг катта дарвозаси ёнига келинг.Сизни шу ерда кутаман,-Нуршод шундай деб телефонини ўчирди.
Шу пайт дўконнинг орқа томондаги эшиги очилиб,Исо ака кириб келди.Зебинисо пештахталар ёнига бориб,туфлиларни тахлай бошлади.Исо ака касса томонга айланиб ўтди.Пул турадиган қутичаларни текширган бўлди.Кейин қизни чақирди.
-Зеби,-деди Исо ака унга бошдан –оёқ еб қўйгудек бўлиб қараркан.-Ишдан кейин бўшмисиз?
Зебинисо бу саволдан ҳайрон бўлиб қолди.Бироздан кейин хаёлини йиғиб жавоб берди:
-Йўқ,Мен уйга вақтлироқ боришим керак.Синглим мактабдан келади.Унга овқат тайёрлаб қўйишим лозим.
-Овқат тайёрлаш учун уйга боришингиз шарт эмас.Мен билан бирга овқатланишга борсангиз,синглингизга ҳам нимадир олиб берардим.-Тиржайди Исо ака.
-Йўқ.Мен ҳеч қаёққа бормайман.-Зебинисо шундай деб дўкон ичкарисига қараб юраркан қўшиб қўйди.-Мени кечки овқатга таклиф қилаётганингизни янгам билиб қолсалар нима бўлади?
Исо аканинг ранги бўзариб кетди.Зебинисо ички туйғуси билан Исо аканинг хотинидан чўчишини сезиб қолиб,бирдан кулгиси келди. Агар ҳозир шундай жавоб бермаса, Исо ака яна бир нималар деб кўнглини хира қилиши мумкин эди. Эркаклар костюм-шимлари,кўйлаклари тартиб билан осилган томонга ўтиб,стол устида териб қўйилган қоғоз қутиларни чиройли қилиб тахлай бошлади.
4. Ниҳоят иш куни тугаб,бозорнинг чиқиш дарвозасига яқинлашаркан,ўзини кутиб турган Нуршодни кўриб,ҳаяжонланиб кетди.Йигитнинг ҳам ҳаяжони ундан кам эмас,қўлида уч дона зарғалдоқ рангли лолақизғалдоқдан иборат гулдастани ушлаганча унинг яқинлашишини кутиб турарди.
-Машинага ўтиринг,-деди Нуршод Зебинисонинг саломига алик оларкан.-Чарчамай келдингизми?
-Нуршод узр,уйга вақтлироқ боришим керак.
-Ҳалиям сизни уйингизга олиб бориб қўймоқчиман,-жилмайди йигит.
-Раҳмат,аммо керакмас.Ҳозир бозорга қайтиб,уйга бозор қилишим керак,-деди Зебинисо атрофга аланглаб.Кўп йиллардан бери шу ҳудудда ишлагани учун танишлардан кимдир ўзини бегона йигит билан турганини кўришини истамаётган эди.
-Мен сизга ёрдам бераман,-Нуршод шундай деб пульт билан машинасини эшикларини чийиллатиб қулфлади.-Қани кетдик,бўлмаса.
Нима қилишини билмаган Зебинисо Нуршодни эргаштирганча бозор оралаб кетди. Уни кундалик эҳтиёжи учун оз-оздан маҳсулот хариб қилаётганини кўриб,Нуршод бошида ҳайрон қолди.Кейин эса қизнинг ҳолатини тушунгандай бўлди.
“Қўлида қанча пул бўлса,шунга қараб бозор қилади-да.Ортиқча савол бериб нима қиламан?”-Нуршод ўзича шу қарорга келиб,қизнинг унча кўп бўлмаган бозорлигини машинасининг орқасига жойлади.
-Энди сизни уйингизга ташлаб қўяман.-Нуршод машинасини юрғизаркан,орқа ойнадан Зебинисога қараб кулиб қўйди.
(Давоми бор...)