Хикоялар 23.05.2023 Автор: Admin 24 0

Оввора кўнгил...



Шифохона йўлагида ёшгина аёл йиғлаяпти. Уни юпатадиган, кўзёшларини арта оладиган ҳамроҳи йўқ. У ҳозир қизининг аҳволига ёлғиз ўзи куйиниб, нима қиларини билмай ҳалак. Йўлакда ёши улуғ, юзлари нурли бир онахон ўтиб кетаётиб, кўзлари ёшланган аёлга назар ташлади. Унга таскин бермай туриб, йўлида давом этолмади.
— Қизим, сизга нима бўлди?! Қўйинг.... йиғламанг. Илоҳим мушкулингиз осон бўлсин! Аёл онахонга қаради. Унга ҳозир яқинлари, севгани эмас, етти ёт бегона инсон меҳрибончилик қиляпти. Икки оғиз ширин сўзини қизғанмаяпти.
— Ассалому алайкум, раҳмат холажон! Қизим тезроқ соғайиб кетсинда.... Қийналиб кетдимммм!
— Болам, Оллоҳ барчамизга ўзимиз кўтара оладиган даражада синовлар юборади. Кўп ҳам сиқилаверманг. Сиз дуода бўлинг! Яратган эгам сизга ўзи ёрдам беради.
— Холажоннн.... ҳатоларим кўп... Муаммоларимга ечим излаганим сари, баттар ғамга ботяпман.
Чорасиз қолдим! Онахон аёлга зимдан кўз ташлаб, унинг дардига       малҳам бўлишни истади.
— Қизим, балки ичингиздаги, сизни қийнаётган дардингизни айтарсиз! Кўнглингизни бўшатарсиз. Сизни  эшитишга тайёрман! Аёл жимгина.... бир нуқтага тикилганча.... бошидан ўтказган савдоларини бирма-бир сўзлади.
— Коллежни битирган заҳотим мени  турмушга узатишди. Эримда кўнглим йўқ эди... Тўйдан кейин ҳам унга меҳрим тушмади. Ҳеч қанча ўтмай ажрашиб кетдик. Уйимга қайтиб келгач, қизимни дунёга келтирдим. Ота-онам бағрида болам билан бирга яшай бошлагандик. Шундай кунларнинг бирида бир йигит билан танишиб қолдим. Борган сари яқинлашиб, бир-биримизни севиб қолгандик. Балки фақат мен севгандирман... Яна билмадим...  Шунчалик яқин бўлиб кетганимиздан қизалоғим ўша йигитни «дадам» деб атай бошлади. Чунки собиқ эрим ҳеч қачон қизимиздан хабар олмаган. Қизим ҳам ҳақиқий отасини кўрмаган. Бу орада севгилимнинг оиласи муносабатларимиздан бохабар бўлибди. Қайси она уйланмаган ўғлига эрдан чиққан боласи бор жувонни олиб берарди.  Менга уйланишига қаттиқ қаршилик қилишди. Ва у Россияга ишлашга кетиб қолди.  Алоқаларимиз узилганда, бошқа йигит билан бир-икки салом алик қилганимни эшитиб қолибди. Мендан воз кечди. Қайта-қайта кечирим сўрадим. Вақтлар ўтиб, яна ярашиб олдик. У ҳали ҳам Рассияда. Уни бир қиз билан танишганини билгач, жуда алам қилди. Аҳир, уни севаман! 
Бошида у қизни тан олмади. Кейинроқ эса сурбетларча иқрор бўлди. Нега мен туриб, яна бошқасини умидвор қиляпсиз десам?! Бир пайтлар бошқа йигит билан. Гаплашганимни юзимга соляпти. Сўкиниб, жанжал чиқаришни одат қилди. Қизим бўлса, уни дадам деб ўйлайди. Соғиниб, ичикиб касал бўлиб қолди. Мана 20 кундан буён касалхона ва уйим орасида саргардонман. Қизим «дадамни соғиндим» «нега келмаяптила» деб менинг эзилган юрагимни баттар сиқади. Анча пайтдан сўнг яқинда телефон қилди. Қайтиб келиб, «дом»га жойлаштириб, мен билан яшармиш. Лекин холажон, кун келиб онаси бошқасига уйлантирса, мен қандай чидайман. Уни бошқаси билан бўлишолмайманку! Тўғри, мени ҳам тайинли, яхши жойлардан сўраб келишяпти... Лекин уларни рад этяпман. Бир гал севмай туриб, турмуш қурдим. Оилам оила бўлмади. Ҳозир ҳам кўнглим бўлмаганига эрга тегсам, яна ажрашаман. Бошим қотди. Нима қилишни, қандай йўл тутишни билмаяпман. Ёшим 24 да, бироқ ҳанузгача ҳаётимни изга сололмаяпман!
Онахон қизнинг изтиробларини диққат билан тинглаб бўлгач, чуқур хўрсинди. Сўнгра уни тўғри йўлга бошлашга қарор қилди.
-Қизим, мен 35 йил болаларга билим бердим. Устозлик қилдим. Оллоҳга шукр! Озми -кўпми ярим асрдан зиёд умр кўряпман. Сизга ўзимнинг фикримни билдираман..... Хоҳланг гапларимни ўйлаб кўрингда, тегишли хулоса чиқаринг. Хоҳламасангиз тағин ўзингиз биласиз..... Қиз бола турмушга чиқдими, эрига ҳатто ҳаёлида ҳам ҳиёнат қилмаслиги керак! Эрингизда кўнглингиз борми, йўқми буниси муҳим эмас. Муҳими никоҳ ўқилди, сиз никоҳда розилик бердингиз, оила бунёд бўлди. Биринчи ҳатойингиз, никоҳнинг муқаддаслигини, оила масъулиятини тўла англамаганингизда.... Қизингизга ўз отасини таништиришингиз лозим эди. Болангиз  дунёга келишига сабабчи бўлган инсоннинг кимлигини билишга ҳақли. Отаси доим қизини кўрсин. Буни ундан талаб қилинг.Сиз болангизга оналик қилоларсиз, лекин оталик қилолмайсиз! Ота меҳрини, туйғусини сиз беролмайсиз! Бегона номаҳрамни дада деб таништирганингизни ҳазм қилолмаяпман. Сиз энди ёшгина қизалоқ эмассиз! СИЗ АЁЛСИЗ, СИЗ ОНАСИЗ! Бу кўнгилга қўйиб берсанг нималарни хоҳламайди.... Инсонга қалбдан ташқари ақл ҳам инъом қилинган. Исломий ахлоқ қоидаларимиз, азалий қадриятларимиз бор. Кўнгил... кўнгил.... деб нафсни айтаётган бўлманг. Ўша йигит сизни чиндан севармикан?! Ўзи севги нима?! Ота-онасига бўлган меҳридан ҳам устунмикан!? Бегона қизлар билан танишса, сизга қўполлик қилса, сўкиниб ҳақоратласа...«дом»да яширинча яшашга таклиф қилса.... наҳот унинг севгисини ҳақиқий деб ҳисоблайсиз!!!  Ўйлаб кўринг! 
Ўз ҳаётингизни фақат ўзингиз йўлга қўя оласиз. Яхшиси, у йигитни унутинг! 
У ҳам, сиз ҳам ҳою хавасга берилиб, нафснинг измидан юряпсизлар. Оллоҳдан  ёлвориб, тавба қилинг. Иймонингизни бутун қилишини сўранг! 
Сиз аввал ўзингизга севимли машғулот топинг. Касб-ҳунар эгаллаб, ишга жойлашинг. Китоб мутолааси билан банд бўлинг. Қизингизнинг руҳияти, қалби билан ўйнашманг! Мана,... бегонани дада деб таништирганингиз ортидан болангиз қанча азобланяпти..... Оила, турмуш фақат севги устига қурилмайди...Оилада, эр-хотин ўртасида ўзаро ҳурмат, ишонч, масъулият бўлиши керак. Иккингизда ҳам бу сифатларни кўрмаяпман. Иккингиз бир-бирингизни севсангиз ҳам бу турмуш узоққа бормайди деб ўйлаяпман. Яна Оллоҳ билади.... мен бир бандаман!
— Холажон, сўзларингиз юрагимга шифо бўлди. Айтганларингизни унутмайман. Мени иймонга чақирганингиз учун раҳмат!
Ушбу ҳикояни ёзишимдан мақсад, бир мухлисамиз ўз дардларини йиғлаб ёзиб, маслаҳат сўрадилар. Мен эса у қизимизга онахон тилидан ўз фикримни билдирдим. Ҳикоя ёздим. СИЗ ҲАМ КАМЕНТАРИЯДА ҲИКОЯДАГИ ҚИЗГА ТАВСИЯ БEРИШИНГИЗ МУМКИН.
Тамом...          
Вазира Турсунова. 


 👇 Seriallar qismini tanlang 👇 




TARJIMA KINOLAR
Новые статьи