Муаллиф Каримберди Тўрамурод
Хоразмнинг қизлари шўх бўлади, дейишарди. Урганчлик дугонам Дармонжонни кўриб, бу гапга юз бора амин бўлдим. Бир гапириб, ўн куладиган бу қиз ҳар қандай одамга ҳам ўзининг қувноқ кайфиятини юқтирар, қисқа фурсатда ғирт нотаниш одам билан ҳам қадрдон бўлиб оларди.
Дармонжон билан ҳали абитурентлигимиздаёқ танишганмиз. Бирга ижарада туриб, ўқишга киришга тайёрландик. Иккаламиз ҳам Маданият институтининг кутубхонашунослик факультетига ўқишга кирдик. Иккаламизни ҳам, айниқса Дармонжонни ёқтириб қолган Манзура ая «қизимдай бўлиб қолдинглар, сентябрдан тўғри шу ерга келинглар, мен бошқа бировни ижарага қўймайман, иккалангиз ҳам, насиб бўлса, меникидан дарсга қатнаб, шу ердан диплом олиб кетасизлар», деди. Бизга ҳам аянинг гапи маъқул бўлди. Манзура ая ҳам бизга ёқиб қолганди.
Аянинг уч қизи бўлиб, ҳаммаси турмушга чиқиб кетган, бир ўзи яшар, уйи инстиутнинг яқингинасида бўлгани учун бир-икки қизни ижарага қўяр, қизлар билан овуниб юрар экан. Манзура ая ижара ҳақини бошқалардан арзон қилиб белгилар, аммо қичамас эдилар. Берсак ҳам кўпинча ўзимизга у-бу олиб берардилар.
Бу Манзура аяникида туриб ўқишни битиришга аҳд қилдик.
Дармонжон китоб-дафтарларига қўшиб, гармонини ҳам олиб келди. Мен бу асбобни олдин кўрмаган эдим. Дармонжон уни елкасига илиб олиб, усталик билан чалар ва ширали овозда хоразмча ашулалар айтарди. Гармон чалиб, ашула айтадиганларни уларда халфа дейшаркан. Дармонжон халфачилик мактабида бу ҳунарни ўрганган экан. Манзура ая ҳар куни кечқурун Дармонжонга икки-учта ашула айттирмаса ухламас эди.
Диға, диға, диғажон,
Бекангиз бўлай оғажон…
Шу ашуласини бошласа, Манзура ая кўйлагининг енгларини силкитиб рақс тушар, аммо тез чарчаб қолиб, бизни ҳам рақсга тортар, қарсак чалиб, Дармонжонга жўр бўларди.
Манзура ая иккаламизни қариндош-уруғларининг тўй-маъракаларига, хотинларнинг гап-гаштакларига олиб борар, Дармонжон уларнинг базмларини қиздирарди. Манзура ая аёллар қистирадиган пулларни мажбурлаб Дармонжоннинг чўнтакларига тиқарди. Биз Дармонжоннинг халфалиги боис пулга зориқмасдик.
Иккинчи курсни битираётганимизда Дармонжон институтда энг таниқли эди. Институт саҳнаси Дармонжон билан обод эди. У ашула айтар, рақс тушар, турли томошаларда ролларни ҳам қойил қилиб ўйнарди.
Пахта ҳашарларида Дармонжон бир латифа айтишни бошласа, тонггача ҳали латифаси тугамасди.
Дармонжоннинг туғилган кунида Урганчга бордик. Уйларида ўша куни тўй бўлиб кетди. Мен Дармонжоннинг дугоналари билан танишиб олдим. Улар ҳам худди Дармонжондек шўх қизлар экан. Кўплари гармон чалиб, ашула айтишар экан. Баъзилари доира чалдилар. Икки кун ўйин-кулгу билан ўтди. Урганчни, Хивани айлантирдилар.
Урганчдан қайтиб, эртаси куни дарсга кетаётсак, институт рўпарасида бир аёл бизни тўхтатди.
− Қизгина баччалар, бир фол очиб берайме?
− Керак эмас, − дедим мен. − Биз дарсга кеч қоламиз.
− Беш менутга айтаман, битта нонне пулини берсанг бас-э, − деди фолбин.
Бир лаҳза қадами секинлаган Дармонжоннинг енгидан тортдим:
− Юрсанг-чи, Дармон, мен фолга ишонмайман. Дармонжоннинг бир лаҳзалик икккиланганини фолбин ҳам илғаган экан, унинг енгидан ушлаб гапирди:
− Қизем, сани бошингга бир фалокат кўрдим, хоҳласанг айтай, пулинг ҳам керак эмас.
Дармонжон сумкачасидан юз сўм пул олиб, фолбинга узатди, «ишинг бўлмасин», дегандек менга кўз қисиб, фолбинга деди:
− Қани, сайранг, холажон, бахтимдан очинг, тахтимдан очинг!
Фолбин Дармонжоннинг кафтига қараб, тўхтамай гапира бошлади:
− Қизем, узоқдан келибсан, ота-онанг бой кишилар экан. Катта қиз сен экансан. Бир қиз бача, ўғил бача укаларинг бор экан.
Тавба, у тўппа-тўғри айтайётган эди.
− Юртингга бир ўғил бача сенга ошиқ экан. Ўқишинггаям бир ўғил бачани девона қилибсан. У бир ойни ичига хат ёзади. Кимлигини биласан.
Астағфируллоҳ. Дармонжон уни Урганчда Оллоберган деган бир синфдоши севишини айтган эди. Аммо институтдагиси ким экан? Тўғри, институтда Дармонжонга дили кетмаган йигит бўлмаса керак, лекин бирортаси юрак ютиб, ишқ изҳор қилмаган эди.− Ўзинг ойдек, ичингда киринг йўқ экансан, − давом этди фолбин. − Ҳасадинг йўқ экан, бирон дардинг йўқ экан.
− Буларнинг ҳаммасини биламан, − унинг гапини бўлди Дармонжон. − Ўзим Дармонман-ку, манда дард нардан бўлсин. Дим яхши. Энди бошимда кўринган фалокат на экан, шундан сўйланг!
Фолбин «айтсаммикан, айтмасаммикан», дегандек Дармонжоннинг бир кафтига бир юзига тикилиб, жим тураверди. Дармонжон яна битта юз сўмликни унинг кафтига тиқиб, тоқати тоқ бўлаётганини билдирди:
− Сўлласангиз-э!
− Мени сўкма бачам, фолинг шундай чиқде, бир йил умринг қопте. Йигирмага тўлган кунинг мошинга аваре бўласан!
Дармонжоннинг юзи докадек оқариб кетди.
− Ҳе, фолинг қурсин! − дедим мен ва дугонамни етаклаб кетарканман, унга тасалли бера бошладим: − Қўйсанг-чи, Дармон, бу бир лўли бўлса, оғзига келганини вайсайверади-да.
− У ҳаммасини тўғри айтди-ку? − зўрға инграгандек сўзлади Дармонжон.
− Бекор айтибсан, − дедим мен. − Ота-онанг, укаларинг ҳақида айтганлари тасодифан тўғри келиб қолди. Менга фол очиб, шунақа десаям тўғри чиқарди-да, ахир менинг ҳам бир синглим ва икки уками бор-ку?
− Ҳа, тўғри айтаётгандирсан, − деди хомуш бўлиб қолган Дармонжон.
Бошқа гаплашолмадик. Дарс бошланиб қолди. Дармонжон кун бўйи ўзига келмади. Деярли ҳеч ким билан гаплашмади. Уни ҳеч қачон бунақа аҳволда кўрмагандим.
Кечқурун биринчи марта қўшиқ айтиб беришини сўраган Манзура аянинг ҳам раъйини қайтарди:
− Аяжон, юрагимга қил сиғмай турибди.
Манзура ая бунақа гапни ҳеч қачон Дармонжондан кутмаган шекилли, жуда ҳайрон бўлди. Кейин нима бўлганини қисташга тушди. Мен ҳаммасини гапириб бердим. Манзура ая фолбиннинг турқи қанақалигини суруштирди. Мен унинг пешонаси, ияги ва қўлларида ясама холлари борлигини, пишиллаган семизлигини, қоши қалин қилиб бўялганини, кийинишларини тасвирлаб бердим.
− Уйгинаси куйсин шу Хосият иймонсизнинг, − деди Манзура ая. − Сал наридаги маҳаллада туради. Сенгиналарга фол очмаса нима эди-я?
Манзура ая фолбинни роса гўрдан олиб, гўрга солгач, бизларни ҳам урушиб бердилар:
− У-ку дўзахи, нима, сизлар билмасмидинглар, фолчи ҳам, фол очирган ҳам, фолга боришни маслаҳат берган ҳам, ҳатто фолчининг уйини кўрсатиб юборган киши ҳам дўзахи бўлиб қолишини? Аллоҳ «фолга ишонманганлар, фол шайтоннинг иши», деган.
Менга ҳам танбеҳ бердилар:
− Назокат, дугонанг Дармонжон билмаса, сен ҳам билмадингми, сизларнинг Наманганда жуда диндорлар кўп дейишади, сенга айтишмаганми шу гапларни?
− Айтишган, мен фолга ишонмайман.
− Нега бўлмаса Хосият лўли шунча лақилласа ҳам оғзингни очиб ўтиравердинг, дугонангни судраб кетсанг бўлмасмиди?
− Юр, кетайлик, девдим, − чайналдим мен.
− Хўп, нима бўпти? − деди Манзура ая Дармонжонга. − Шу охирати куйган лўлининг гапига ишониб, ўз-ўзингга аза очиб ўтирибсанми энди? Суф сенга-е! Яна маданият ўқишида ўқийди булар.
Манзура ая биздан хафа бўлиб, ўз хонасига кириб кетди.
Эрталаб Манзура ая куёвига қўнғироқ қилиб, чақириб олди. Унинг машинасига бизларни ҳам миндириб, қўшни маҳаллага, фолбин аёлникига олиб борди.
− Менинг қизимга нима дединг, ярамас! − деб ўдағайлади Манзура ая ҳовлиси юзида бир кир шолча устида осмонга қараб шоирона ўтирган фолбинга.
Фолбин эса Манзура аянинг кейинги ҳақоратларига ҳам парво қилмади. Фақат кетаётганимизда ортимиздан тўнғиллади:
− Фолга борини айтдим. Қанақа мошинга авара бўлишиниям айтайми?
− Ҳе, оғзингдан чиқиб ёқангга ёпишсин! − қарғади Манзура ая.
Машинага чиққач, бизга деди:
− Бекорга келдик, лўлиникига, қаранглар, гап ҳам таъсир қилмайди. Сизлар парво қилманглар. Ўқишларингни билинглар. Мен ўзим мелисага айтиб, бунинг жазосини бердиртираман.
Биз ўқишларимиз билан бўлиб, бу гапларни унутгандай бўлдик. Аммо энди аввалги Дармонжон йўқ эди. Аввал бир гапириб, ўн кулган Дармонжонга ўнта гапирсак, бир марта ҳа ё йўқ деб жавоб қайтарарди.
Институтда биз уни ёмон хаёллардан чалғитишга ҳаракат қилсак, кечқурунлари Манзура ая уни ўз хаёллари билан қолишига йўл қўймасди. Ҳали у, ҳали бу овқатларни, хоразмча тухумбаракларни қилдириб, ўзига ҳам мажбурлаб едирарди. Мажбурлаб қўшиқ ҳам айттирарди.− Ҳой оқ илон, оппоқ илон, тўнингни ташлаб кетма,
Олиб-олиб менга ёмон кунингни ташлаб кетма.
Дармонжон шу ашулани кўп айтадиган бўлди. Манзура ая Дармонжонни қўярда-қўймай, гап-гаштакларга олиб бориб, бехосият фол аста-секин Дармонжоннинг эсидан чиқа бошлади.
Янги йилги таътил кунлари уйига бориб келган Дармонжон яна аввалги Дармонжон эди. Манзура ая ҳам севиниб «кўз тегмасин», деб қўйди.
− Хоразмда тўй тайёргарлиги бўлаяптимикан? — деб ҳазиллашган бўлдим. − Ёки Оллоберган ҳам Тошкентга келдими?
− Қўйсангиз-э! − деб кулди Дармонжон ва гармонини қўлига олди: −
Оғажон омон-омон,
Бу кунлар яхши замон.
Ҳаммаси изига тушаётувди- я…
Кечқурун дарс қиламиз деб сумкасини очган Дармонжон ундан чиққан бир хатни ўқиб, «Назокат!» деб қичқириб юборди. Мен унинг қўлидан гиламга тушган хатга кўз югуртирдим. Бу Чимкентлик курсдошимиз Баҳромнинг Дармонжонга севги изҳори эди.
− Бугун ойнинг нечаси? − сўради Дармонжон.
− Ўн, ўн иккинчи январь, − дедим мен.
Мен ҳайратдан қотиб қолдим. Ўша машум фол айтилганидан роппа-роса бир ой ўтганди.
Дармонжон йиғлай-йиғлай ухлаб қолди. Мен уни овутолмадим. Ўзим ҳам лол эдим. Дармонжон шу кундан этиборан, бутунлай тушкунликка тушиб кетди. Уни ҳеч нарса чалғитолмас эди. Манзура ая қўнғироқ қилгач, Дармонжоннинг ота-онаси ҳам келишди. Дармонжонни кучли руҳшуносларга кўрсатишди, табибу азайимхонларга қаратишди, фойда қилмади. Дармонжон кун сайин сўлиб борар эди.
Дармонжон ўқишга ҳам эътибор бермай қўйди. Икки курс аълочи бўлган Дармонжон учинчи курсни зўрға битирди.
Сентябрда тўртинчи курсга ўқишга келган Дармонжонни таниёлмай қолдим. Озиб-тўзиб кетган Дармонжон беш-ўн ёшга кексайиб қолгандек эди.
Ўқишлар бошланди. Бир ҳафта ўтиб, Дармонжондан хабар олишга келишган ота-онаси опасидан хабардор бўлиб турсин, деб синглиси Ўғилбекани биз билан бирга қолдириб кетишди. Дармонжон синглиси қистаса ҳам на кино, на театр, на концертларга борарди. Баъзан дарсга ҳам бормай қўярди.
Бир куни дарсдан келаётиб, ижара уйимиздан гармон овозини эштдим. Хайрият, деб остона ҳатладим-у, Дармонжоннинг ноласини тинглаб, қотиб қолдим.
Майда-майда, майда-ё,
Жийданинг гули майда.
Бағри жийда гулдай-о,
Майда бўлмаган қайда?
Юрак-бағри хун бўлди,
Оҳларим тутун бўлди.
Шодлигим ой-йилда бир-о,
Ҳасратим ҳар кун бўлди.
Майда-майда, майда-ё,
Жийданинг гули майда.
Жийда гулин суярман,
Жаннат исин тиларман.
Жийда гулин бағримга-ё,
Босиб бир кун ўларман.
Майда…майда, майда- ё
Жийданинг гули майда.
Ичкарига киришга ботинолмай, ташқарида кўзи ёшга тўлиб турган Манзура ая мени кўриб, йиғлаб юборди.
− Ўқишга бормай, ана шу қўшиқни тўқиди, Назокат қизим, − деди ая пиқиллаб. − Бу кеишда у… у ўлиб қолади-ку?
Бирга-бирга бизнинг хонамизга кирдик.
Гармони чалиб, деразадан олисларга қараб Дармонжон нола қиларди. Ўғилбека йиғлаб-йиғлаб, ухлаб қолибди шекилли, кўзлари шишинқираган эди. Манзура ая алламаҳалгача Дармонжонга насиҳат қилди. Дармонжон кўзларини деразадан узмади. У ҳеч нарсани кўрмаётган, эшитмаётган эди, менимча.
Тез орада биз пахта теримига жўнаб кетдик. Дармонжон ва синглисини отаси келиб, олиб кетди. Домлаларимиз ҳам Дармонжоннинг аҳволини кўриб, унга жавоб беришди.
Пахтадан кейин Ўғилбека яна опаси билан келди. Яна ўқишларимиз давом этди. Яна кунлар олдингидай ўтаверди.
Аммо фолбин башорат қилган мудҳиш кун яқинлашиб келаётган эди. Дармонжон туғилган куни яқинлашиб келгани сари дармонсизланиб борарди. Туғилган кунидан бир кун олдин у бутунлай ҳолсизланиб қолди. Кечқурун Дармонжоннинг отаси телефон қилиб, Ўғилбекага самолётга чиқишиларини буюриб, чипталарга буюртма берганини, эрталабки самолётда учишларини, Урганчда ўзи кутиб олишини айтди.
Манзура ая қўнғироқ қилиб, эрталабки еттига такси чақириб қуйди. Бирга қизларни самолётгача кузатиб қўймоқчи бўлдик.
Эрталаб такси келиб, дарвозамиздан сигнал берди.
− Бўлақолинглар, қизларим, − деб бизларни шоширган Манзура аянинг ўзи ҳам рўмолини ўраб, ташқарига чиқди.Дарвозадан чиққан Дармонжон бир машинага бир ҳайдовчига қаради-ю, ўзини менинг билакларимга ташлади.
− Мен ҳеч қаерга бормайман, − деди зўрға.
Уни ҳеч ким кўндиролмади. Суяб олиб кириб, ўрнига ётқиздик.
Такси ҳайдовчиси қўпол сўзларни айтиб, сарсон қилганимиз учун ҳақорат қила бошлади. Шу пайт унинг телефони ишлаб қолди. Қўшни маҳалладан яна бир буюртма тушганини айтишди. Манзура ая унга «сарсон бўлганингиз учун», деб минг сўм пул берди. «Яхшиям яна бир мижоз чиқиб қолди, бўлмаса, бу пул билан қутулмасдингиз», дея ҳайдовчи тўнғиллай-тўнғиллай, машинасини ҳайдаб кетди. Мен бу қўпол ҳайдовчининг устидан шикоят қилиш мақсадида рақамларини ёзиб олдим: «10 АВ 086».
Дарсга бораётиб, институт яқинида тўпланиб турган одамларга кўзим тушди. Қизиқиб, яқинроқ бориб қарадим. Мажағи чиқиб кетган такси машинаси бир улкан юк машинасининг тагига кириб кетган эди. Беихтиёр рақамларига кўзим тушди: «10 АВ 086». Уч киши ҳалиги ҳайдовчини машинадан чиқариб олишиб, йўл четига ётқизишди. Мен одамларнинг ҳой-ҳойлашига ҳам қарамай, устига чойшаб ёпиб қўйилган мурданинг юзини очиб қарадим.
Бу фолбин аёл эди.
Мен шошилиб изимга қайтдим. Юрагим гупиллаб урар, мени тажубланиб кутиб олган Манзура ая ва Ўғилбекага ҳеч нарса деёлмас эдим. Манзура ая оғзига сув олиб, юзимга пуркаб юборди. Ўзимга ҳам сув ичириб, сўради:
− Тинчликми, қизим, бўрига учраган қуёндай ҳовлиқаяпсан?
Мен тутила-тутила институт ёнида автоҳалокат бўлганини айтиб бердим.
− Бояги машина-я? − деди Дармонжон.
Мен ҳайратдан қотиб қолдим.
− Дармон, сен қандай билдинг, ҳақиқатдан ҳам ўша машина? Абжағи чиқиб кетибди, − дедим.
Ҳамамиз Дармонжонга қараб қолдик.
У ётган жойидан туриб, каравотига ўгирди.
− Мен ўша ҳайдовчини уч кундан бери тушимда кўраман, − деди Дармонжон. − Ҳар гал қоп-қора кийимда келиб, ўзи билан олиб кетмоқчи бўлади, оёғим ердан узилар-узилмас уйғониб кетардим. Бугун эрталаб машинага чиқаётсам, ўша ҳайдовчи рулда ўтирибди. Лекин унинг руҳи йўқ эди. Машина ичида мен унинг арвоҳини кўргандай бўлдим. Шунинг учун қўрқиб, қайтиб тушгандим. Балки бошқа истараси иссиқроқ ҳайдовчи бўлса, машинасига ўтирардим.
− Вой, Дармон, ўшанда унга ким буюртма берган экан, биласанми?
Энди ҳамма менга тикилди.
− Фолбин аёл!
− У… ўлибдими? − сўради Ўғилбека.
− Жойида тил тортмай ўлибди. Ўз кўзим билан кўрдим.
− Фоли ўзига урибди, баттар бўлсин!,− деди Манзура ая.
Бугун Дармонжоннинг туғилган куни эди. Дармонжон йигирмага тўлган кун эди. Кечқурун ўзлари учиб келган Дармонжоннинг ота-оналари воқеаларни эшитишиб, ҳанг-манг бўлишди.
Эртасига Дармонжоннинг отаси ҳамма курсдошларимиз ва домлаларимизни чақириб, Манзура аянинг ҳовлисида қўй сўйиб, тўй қилиб берди.
Биз қўймай гармонини олиб чиқиб, Дармонжоннинг бўйнига илдик. Бармоқларини ҳадиксираб тугмаларга босаётган Дармонжоннинг хаста овози таралди: −
Инондингма мани ўлар дасалар,
Хазон бўлган гулдай сўлар дасалар?
Бир йил бўлди ҳолим сўраб галмайсан-ай,
Оға маним на гуноҳим бор эди?
Биз ҳаммамиз ер остидан бир Баҳромга, бир тўйга етиб келган Оллоберганга қараб олдик.
Дармонжоннинг отаси даврага чиқди:
- Ай, қўйсанг-ай! Шўх-шўхидан айт, қизим. Бир рақс этиб берай!
Гармон шўх куй таратди. Ўғилбека доирани жўрлади. Дармонжоннинг овози аслига қайтди:
Олма пишганда галинг,
Дайина тушганда галинг.
Анса сочим жамалак,
Белима тушганда галинг.
Эҳ-ҳе. Бу бултурги гаплар. Ҳозир кўринг Дармонжонни. Ҳозир эшитинг лапарларини. Яхшиси, у йигирма бирга кирган куни Урганчга боринг. Ўша куни Дармонжоннинг Оллоберган билан тўйи бўлади…